БОБУРНИНГ УНУТИЛГАН ҚИЗИ
МАСЪУМА СУЛТОН БЕГИМ - Султон Аҳмад Мирзонинг бешинчи қизи. Бобурнинг биринчи хотини Ойиша Султон Бегимнинг она бошқа синглиси. Онаси Ҳабиба Бегим арғун уруғидан бўлиб, Шайбонийхон истиълоси даврида қизини олиб Хуросонга кетган. Бобур 1506 йили Ҳиротга борганида аммаси Поянда Султон Бегимнинг уйида учрашишган ва амакиваччаси билан бир бирига кўнгил қўйишган. Келишувга мувофиқ қиш чиққанидан сўнг улар Бобурнинг Кобулдаги саройига йўл олишган. Бу пайтда Бобур Қандаҳор юришига тайёргарлик кўраётган бўлиб, Ғазнида уларни кутиб олган ва Кобулда катта тўй қилиб уйланган. Афсуски бу муҳаббат узоқ чўзилмаган. Маъсума Султон Бегим фарзанд кўриш чоғида ҳаётдан кўз юмган. Фарзандига онасининг исмини беришган.